Президентимиз Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Жумладан, Чортоқ туманидаги “Гулсанам Ҳамидулла Қудратулла” фермер хўжалиги пиллачиси Анорхон ая Имомалиева “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

“Тинчлик" маҳалласида ипак қурти парваришлашнинг ҳадисини олган онахон қизлари ва набиралари билан меҳнат қилиб кам бўлаётгани йўқ. Бугун туман ҳокими Анваржон Отаходжаев бошчилигида давлат мукофоти соҳибаси хонадонига борилиб, юксак эътироф билан муборакбод этилди, қимматбаҳо совға топширилди. Бундай рағбатдан кўнгли кўтарилган хонадон соҳибаси қўлини дуога очиб, юрти элимизга тинчлик ва барака тилади.

Чортоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати