Ижтимоий тармоқларда “Наманган вилояти Чортоқ тумани шифохонаси тез ёрдам бўлимининг врач ва фельдшерларимиз. Биз 2 ойдан бери ковид беморларига хизмат қиляпмиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги 583-сон қарорига кўра тез тиббий ёрдам бригадалар ходимларига (врачлар – 2,5 млн, ўрта тиббиёт ходимлари – 1,5 млн, ҳайдовчилар – 1 млн сўм) ойлик моддий рағбатлантириш тўлови тўланиши белгиланган. Аммо бизга белгиланган рағбат пуллари тўланмаяпти. Ҳолбуки, ковид билан оғриганларга кунига 20-30 мартадан чақирувга боряпмиз. Боз устига, “03” чақирувларига ҳам бормоқдамиз. Махсус кийимларни кун бўйи ва эртасига ҳам кийамиз. Махсус форма сўрасак, шуни эскитиб олинглар дейишади. Мутасаддилардан амалий кўмак сўраймиз”, деган чиқиш қилинди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг тезкор ишчи гуруҳи ўрганишлари ҳамда Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасидан олинган расмий жавоб хатида келтирилишича, мазкур мурожаатдаги иддаолар белгиланган тартибларга мутлоқо зиддир.
Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлими биносида ташкил этилган “COVID-19“ инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун ихтисослашган махсус поликлиникада стационар ва қатнов асосида даволаш йўлга қўйилган. Беморар сонидан келиб чиқиб, шу йил июл ойида 1 нафар юқумли касалликлар врач бригадаси, 1 нафар юқумли касалликлар ҳамшира бригадаси ҳамда уй шароитида коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг саломатлигини назорат қилиш ва даволанишни ташкил этиш мақсадида қўшимча 1 дона “Мобиль бригада” ташкил этилган.
Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони ортиб бориши ҳисобига стационар ва қатнов асосида даволаш учун 2-пост 1 нафар юқумли касалликлар врач бригадаси ва 1 нафар юқумли касалликлар ҳамшира бригадаси ҳамда 1 августдан 3-пост, яъни 1 нафар юқумли касалликлар ҳамшира ва 1 нафар кичик тиббиёт пост бригадалари бириктирилган. Тез тиббий ёрдам бригада ходимлари жалб этилмаган.
1августга қадар стационар ва қатнов асосида даволаш ишларини олиб борган 8 нафар бригада врачларига 4.193.548 сўм, ҳамшира бригадасида фаолият юритган 25 нафар ўрта тиббиёт ходимларига 2.532.257 сўм, “Мобил бригада”да хизмат қилган 1 нафар врач ва 1 нафар ҳамширага 2.064.516 сўм жами 8.790.322 сўм Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги №583-сонли Қарорининг 2-а иловасининг 1-банди асосида ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари амалга оширилиб келинмоқда.
Шу билан биргаликда бирлашма томонидан коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун бириктирилган ихтисослашган махсус поликлиника ҳамда мобиль бригада ходимлари учун етарли миқдорда барча шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиб келинмоқда.





