Ибратли ҳаёт кечирмоқ учун бирор лавозим курсисини банд қилиш шарт эмас. Буни олтмиш ёшга тўлган чортоқлик Аҳмадбек Тоҳировнинг ҳаёти ва фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ҳалол ва камтарин инсон билан суҳбатлашиб, ишга масъулият билан ёндашиш, сабрлилик, оилапарварлик каби кўплаб яхши фазилатлар соҳиби эканига амин бўласиз.

А.Тоҳировнинг касбга садоқати ва бардоши шунчаликки, узлуксиз 40 йилдан буён Чортоқ туман почта алоқа боғламасида ишлаб келмоқда. Ўзи учун қадрдон маскан бўлиб қолган бу даргоҳда у оддий сараловчиликдан почта кузатувчиси, почта кузатувчилари бригадиригача бўлган йўлни босиб ўтди.

Самарали меҳнат фаолияти давомида кўпчиликнинг ҳурмат ва меҳрини қозонди. Айниқса, мижозлар ва ҳамкасблар билан ака-ука, ошна-оғайни бўлиб ишлади. Билим-тажрибаларини аямай, кўплаб шогирдларга устозлик қилди, ёшларнинг ҳаётда ўрин топишида беминнат ёрдам кўрсатди. Камтарин ходимнинг инсонийлиги худди шунда! Раҳимахон Мамадалиева, Маҳмуда Болтабоева, Умматали Ниёзов, Собитхон Отаханов, раҳматли Алишер Исабаев, Султонмурод Иноятов каби устозлари изидан бориб кам бўлмади.

Аҳмадбек ака Жамила опа икков икки ўғил, икки қизни тарбиялаб, касб-корли, уйли-жойли қилишди. Бир этак набиралар ардоғидаги қаҳрамонимиз билан суҳбат ҳам иш устида бошланиб иш устида якунланди. У босма нашрлар ва хат-ҳужжатларни ўз эгаларига етказишдек зарур ва савобли ишга бош қўшаётганидан, элга нафи тегаётганидан мамнун.

Расулбек Умматов