Ш.Имомов вилоят 4-сектор раҳбари сифатида ўзига бириктирилган Чортоқ ва Уйчи туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ҳам фаолият олиб боради.

- Иқтисодиёт таянчи ҳисобланган солиқлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини муҳофазалашда алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун тушумларни назорат қилишга давлат бошқаруви идоралари томонидан эътибор қаратилиб, кунлик таҳлиллар олиб борилиши керак,-деди бошқарма бошлиғи туман ҳокими ва секторлар раҳбарлари билан суҳбатда. Мулоқот давомида биргаликда амалга ошириладиган келгуси вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг "Чортоқ Фарғона миришкори" ҳамда "Турғунбой Жўравой Мунаввар" фермер хўжаликларида ипак қурти парваришлаш жараёнлари билан танишилди.

Бу йилги мавсумда туманда етиштириладиган 238 тонна пилла ҳосилининг 185 тоннаси фермер хўжаликлари томонидан тайёрланади. Ҳар икки фермер хўжалигида 20 қутидан ипак қурти парваришланмоқда.

Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов Чортоқ туманидаги ўрганишлари давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Етти хазинанинг бири бўлган паррандачилик орқали эндиликда даромадли бизнес сифатида аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, ишсизлар сонини камайтириш билан кўплаб амалий натижаларга эришилмоқда.

Буни "Чортоқ соҳил мазали жўжалари" МЧЖ фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда ҳозида 22 000 бош бройлер жўжалари парваришланмоқда. Саккиз кишининг бандлиги таъминланган.

Ш.Имомов ушбу лойиҳа билан танишиб, тадбиркор билан мулоқот қилди. Фаолиятни кенгайтириш юзасидан зарур тавсияларини берди.

Чортоқ туманидаги "Кесканёр" маҳалласида 2742 нафар аҳоли бўлиб, 36 гектар томорқага эга. Қайси хонадонга кирманг, қўшимча даромад топиш учун қилинаётган ҳаракатга гувоҳ бўласиз.

Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов туман ҳокими, маҳалла масъуллари билан хонадонларда бўлди. Хусусан, "Дилхирож" кўчасида яшовчи Носиржон Юсупов томорқа ва уй хўжалиги имкониятларидан самаали фойдаланиш ҳадисини олган. Чорва ҳайвонлари, парранда, иссиқхонадан олинаётган даромад ҳам шунга яраша. Тоҳиржон Ҳасанов хонадонидаги иссиқхонада етиштирилаётган картошка яқин кунларда бозорга чиқарилади. Помидор, булғор қалампири ва кўкатлар ҳам экилган.

Хонадонбай ўрганишлар давомида ҳар битта оилада парранда, чорва ҳайвонлари боқиш, шу орқали ўз рўзғорини бутлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди.

Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов аҳоли томорқаларидан фойдаланиш ҳолати билан танишиш жараёнида "Чортоқ агросервис" машина трактор паркида бўлди.

Бу ерда ўрим комбайнларини мавсумга тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди. Ўримда қатнашадиган 10 та комбайнни соз ҳолатга келтириш ишлари якунига етказилмоқда.

Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов "Чортоқсой" бўйлаб амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Жаҳон банки молиявий кўмагида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида 11 километр масофада экойўлак барпо қилинади. Экойўлакнинг "А зона" қисми марказдан айланма халқа йўлгача 2,3 км масофани ташкил этади. Бу оралиқда 3 та пиёдалар ўтиш кўприги қурилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Кўчма механизациялашган корхонаси томонидан бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда.

"Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси доирасида "Чортоқсой" бўйлаб экойўлакка монанд равишда турли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.

Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов, туман ҳокими Илҳомжон Саттаров, солиқ инспекцияси раҳбари Сайиджон Тулаков яхши ниятлар билан биргаликда кўчат экишди.