Инсонлар нега қайсидир вазиятни суратга муҳрлайди? Суратлар айнан бирор воқеа ёки лаҳзани хотира сифатида сақлаш ёки бирор бир ҳодиса тафсилотини бошқаларга етказиш учун керак, шундай эмасми? Аҳолини рўйхатга олиш ҳам ҳудди суратга тушишдек гап.

Фақат бунда давлатнинг маълум даврдаги демографик ҳолати фактлаштирилади. Кўпчилик мамлакатларда ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.

Ўзбекистонда сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари 1989 йилда ўтказилган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Мамлакатимиз аҳоли сонини аниқ ҳисоблаб чиқиш уларнинг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, турмуш даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш мақсадида, давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикасида Аҳолини рўйҳатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ги фармон имзоланди.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш мамлакат фуқароларига ижобий таъсир кўрсатади бунга мисол қилиб мактаб ёшидаги болалар сони ҳақидаги маълумотлар мактаб қуриш бўйича режаларни мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Ҳудудлар кесимида қаерда ва қайси соҳада янги иш ўринларига эҳтиёж мавжудлиги, қандай мутахассислар кераклигини билиш учун ишсизлар сони ва уларнинг малака даражасини билиш лозим. Фавқулодда вазиятларда ФВВ ходимлари, шунингдек, шифокорлар аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари асосида зарур ёрдам кўламини белгилайди. Аҳоли сони ва даромади, унинг турар-жойга бўлган эҳтиёжи тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган ҳолда, масалан, маиший техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини прогноз қилишлари мумкин, уларни импорт қилувчи компаниялар эса харидларни режалаштиришлари ва зарарни минималлаштиришлари мумкин. Аҳолини рўйхатга олиш макроиқтисодий кўрсаткичларни келгуси 10−20 йиллик даврга прогноз қилиш учун ҳам зарур. Статистик маълумотлар манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларга моддий кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга.

Чортоқ тумани статистика бўлими