Мавзу юзасидан Чортоқ тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази директори Ҳожиакбар Рустамов маълумот берди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституцияда эълон қилинган “ижтимоий давлат” тамойилларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги 82-сонли фармони ҳамда 176-сонли қарори асосида фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизими жорий этилди.

Ушбу фармоннинг 14-бандига асосан ҳар ҳафтанинг жума куни “Меҳр ва саховат куни” сифатида белгиланиб, Чортоқ тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан хайрия тадбирлари ўтказиб борилмоқда.

Эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Саёҳат ва кўнгилочар маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Чортоқ туманида 250 нафар ёлғиз кексалар рўйхати шакллантирилиб, tauth.ihma.uz платформасига киритилди. Уларнинг соғлигини доимий назоратга олиш ҳамда ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш, чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланмоқда. Жумладан, 29 нафар фуқарога 56 дона протез-ортопедия мосламалари ҳамда 101 дона реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланди. Уйда таълим олаётган ногиронлиги бор болалар рўйхати ҳам шакллантирилиб, улар 88 нафарни ташкил этади. 6170 нафар ногиронлиги бор шахсларнинг 79 нафари ўзларига маъқул бўлган муайян фаолият тури билан банд. Касб-ҳунарга ўқитиш учун шароит яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги 82-сонли фармони ҳамда 176-сонли қарорида белгиланган вазифаларни туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан бажарилиши борасидаги ишлар давом эттирилади.

Журналист ва блогерлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.