Чортоқ тумани кўплаб ижодкор зиёлиларга бешик бўлган замин. Манзура Отақўзиева ҳам шу юртнинг оташин фарзанди. Қирқ йиллик ижод йўлининг соҳибаси.

Устозларнинг муносиб издоши. Ижодига ошноларнинг сирдоши. Яқинда унинг бадиий-публицистик мақола ва очерклар жамланган “Райхон ифорли онам” китоби чоп этилди.

Туман ҳокимлиги, республика маънавият ва маърифат маркази вилоят ва туман бўлимлари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, маданият ва туризм бўлими ҳамкорлигида ташкилланган тақдимот тадбирида сўзга чиққанлар муаллифни самимий табриклаб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, муаллифнинг маҳоратини эътироф этдилар.

Китоб қаҳрамонлари ва уларнинг яқинлари ҳам тадбирда ҳозир бўлдилар. Китобда 48 нафар аёлларнинг она мақомидаги фазилатлари, қисматлари, меҳнату интилишлардаги намунаси ва бошқа ибратли жиҳатлари баён қилинган.

Маданият ходимлари ҳамда 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.