"Аввало, инсонни ўзига ишончи баланд бўлиши керак" - "Chortoq mineral water" корхонаси раҳбари, I даражали "Саломатлик" ордени соҳиби Баҳодир Абдураимов билан очиқ мулоқот ўтказилди

Давлат мукофотлари билан тақдирланган илғор тадбиркорлар тажрибасини кенг оммага, жумладан, янги бизнес бошлаш ниятидаги ёшларга яқиндан етказиш мақсадида очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.
Худди шундай мулоқот "Chortoq mineral water" корхонасида ташкил этилди. "Chortoq mineral water" корхонаси раҳбари, I даражали "Саломатлик" ордени соҳиби Баҳодир Абдураимов билан ўтказилган мулоқотда туман ҳокими, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, нуронийлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этдилар.
Учрашувда тадбиркор муваффақият сирлари, ҳаёт йўлида эришган натижалари ҳамда унгача бўлган қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди. Иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди, уларни олға интилишга чорлади.
Чортоқ минерал суви туманнинг брендига айланган. Бир кеча кундузда 200 000 дона махсус шиша идишларда минерал сув қадоқланиб, ички ва ташқи бозорга, жумладан, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой ва Европа давлатларига сотувга чиқарилмоқда. Франция технологияси асосидаги янги линия ишга туширилса, ишлаб чиқариш қуввати 1 млн донага етказилади. Бу ерда 200 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.
Шифобахшлиги бўйича Грузиянинг “Боржоми”сидан қолишмайдиган Чортоқ минерал суви 507 метр чуқурликдан олинади. Маъданли сув ошқозон-ичак тизими, жигар, ўт пуфаги йўллари, ошқозоности бези ҳамда қандли диабет каби хасталикларни даволашда кенг қўлланилади. Бундан ташқари, оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва ошқозонга механик, термал ва кимёвий таъсир кўрсатиб, ошқозон шираси ажралишини яхшилайди.





