Боғларга жиддий зарар етказиб экспорт ҳажмини камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган "Гилос пашшаси" (Rhagoletis cerasi) "Олма мевахўри" (Cydia pomonella) ва "Шарқ мевахўри" (Grapholita molesta) каби зараркунандаларга қарши оммавий курашни ташкиллаштириш мақсадида 2023 йилнинг 12 майдан 31 майга қадар "Долзарб ўн беш кунлик" деб белгиланди.

Наманган вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан мазкур "Долзарб ўн беш кунлик" тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида зарарли организмларга қарши самарали кураш тизимини жорий этиш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси асосида ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат инспекторлари томонидан боғ майдонларида мониторинг ишлари олиб борилиб, ўрнатилган феромон тутқичларга тушган зараркунандаларни текшириш-феромониторинг тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида мониторинг юритиш ва фитосанитар дала назоратини амалга оширишда карантин остидаги маҳсулотларнинг ўсимликлар карантини қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига мувофиқлигини аниқлашда ўрнатилган тартибда намуналар олиш, тегишли карантин лабораторияларида фитоэкспертизадан ўтказиш, фитосанитар хавф таҳлили юритиш, зарарли организмлар аниқланган тақдирда карантин чораларининг кўрилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мониторинг давомида карантин остидаги маҳсулотларда зараркунандалар аниқланган тақдирда белгиланган тартибда зарарсизлантириш (фумигация) ишлари ташкил этилмоқда.

Бошқарманинг туман бўлимлари томонидан "Гилос пашшаси", "Олма мевахӯри" ва "Шарқ мевахӯри" зараркунандаларининг қишлоқ хӯжалиги маҳсулотларига салбий таъсирлари ҳамда ушбу зараркунандалар пайдо бўлишининг олдини олиш чоралари ҳақида тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Олма қурти зараркунандаси 30 турдаги мевали дарахтларга зарар етказади. Кўпроқ олма, нок, ёнғок, олхўриларнинг асосий зараркунандаси ҳисобланади. У йилига 4 марта авлод беради.

Олма қуртининг ҳар бир авлодига кимёвий кураш олиб борилади. Бунда индоксакарб (аваунт, антовант) 15%ли 0.4л/га. ва эмамектин бензоат асосли (проклейм, протект) 5% ли 0.5 кг/га. кимёвий воситаларидан фойдаланиш ижобий натижа беради.

Ҳозирги кунда гилоснинг энг асосий ва хавфли зараркунандаси бу гилос пашшаси, унга қарши кураш чоралари ўз вақтида амалга оширилмаса, ҳосилнинг миқдори ва сифати 80-100 фоизгача йуқотилиши мумкин.

Ушбу зараркунанда аниқланганда унга қарши олтинкўз энтомофагини боғларга тарқатиш ҳамда таъсир этувчи модда сиабамектин, имидоклоприд ва лямбда-цигалотрин бўлган инсектоцидларни қўллаш юқори самара беради.

Шарқ мевахўри зараркунандаси шафтоли, олхўри, гилос, олча, ўрик, олма, нок ва беҳига жиддий зарар етказади. У асосан новда ва мевани зарарлайди. Гилос дарахтларида эса янги ўсган новда учидан кириб ўртасини ейди. Шафтолининг ёш новдаларини зарарлаб, бора-бора қуритиб қўяди. Шафтолида мева ичига кириб данак атрофини ейди.

Унга қарши курашишда агротехник тадбирлар: кузда хазон баргларни тўплаб кўмиб юбориш; дарахт танасини эски пўстлоқлардан тозалаш; дарахт атрофини чопиқ қилиш; дарахтлар танасини оқлаш; боғларда тутқич белбоғлар ўрнатиш; пишмай тўкилаётган меваларни ҳар куни териб олиш тавсия этилади.

Таркибида хлоратранилипрол, диметоат, малатион, тиоклоприд бўлган кимёвий препаратлар билан ишлов бериш керак.

Мазкур зараркунандаларга қарши уйғунлашган кураш тизимини олиб боришимиз, зараркунандалар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишимиз лозим. Зеро, фитосанитар тоза маҳсулот озиқ-овқат хавфсизлиги гаровидир.

Шерзод Юсупов, Бобур Ибрагимов, Наманган вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Чортоқ туман инспекторлари