Таълимга бўлган эътиборнинг яна бир ижобий натижаси сифатида Чортоқ фарзанди Гўзалхон Ҳайдарова Америкадаги Гарвард университетига юз фоизлик грант билан ўқишга қабул қилингани барчамизни қувонтирди. Кўплаб ёшларни руҳлантирди.

Гўзалхон Ҳайдарова Намангандаги Президент мактабига ўқишга киргунига қадар Чортоқдаги 5-ДИМИда 8-синфгача ўқиган. Отаси иқтисодчи. Онаси инглиз тили ўқитувчиси.

Ҳозирда дунё миқёсида 57 000 нафар талабгор Гарвардда ўқиш учун ҳужжат топширган. Мазкур рақамнинг ўзи ҳам бу энг кучлилар орасида ғолиб бўла олишни англатади. Гўзалхон бунинг уддасидан чиқа олди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими Анваржон Отаходжаев ва бошқалар Юртбошимиз бошчилигида таълим сифатини ошириш, билимли кадрлар тайёрлашга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб, Гўзалхон Ҳайдаровани самимий табриклашди. Ёшларни ўқиб-ўрганиб, мақсад сари интилишга чорлашди.