Хушманзара ва сўлим табиати билан донг таратган Чортоқ тумани 1950 йил 15 апрелда ташкил этилган.

Шимоли шарқдан Қирғизистон Республикаси, шимолдан Янгиқўрғон, жануби шарқдан Уйчи, ғарбдан Янги Наманган туманлари билан чегарадош. Умумий майдони 377 км.кв. Аҳолиси 2023 йил 1 январь ҳолатига 210 400 нафар.
Ер юзаси шимолдан жанубга ва ғарбдан шарққа томон пасайиб боради. Денгиз сатҳидан 623 метр баландликда жойлашган. Туман ҳудудидан Катта Наманган ва Шимолий Фарғона каналлари, Андижон-Қўқон темир йўли, шунингдек, 217 км масофада 3 та халқаро, 2 та республика даражасида магистрал автомобиль йўли ўтган.
Қулай иқлим иқтисодиётнинг аграр тармоғи, соғломлаштириш муассасалари ҳамда туризмни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратади. Чортоқ сиҳатгоҳига республикамизнинг турли вилоятлари ва қўшни республикалардан даволанувчилар келиб, шифо топиб кетадилар. Болалар сиҳатгоҳи ҳам ишлаб турибди. Чортоқ минерал суви 70 йиллик тарихга эга.
Экологик жиҳатдан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш имконияти мавжуд. Тумандаги 57 та маҳаллада 10 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди.





