Чортоқ туманида 2023 йил баҳор мавсумида "Яшил макон"  умуммиллий лойиҳаси доирасида 835 минг тупдан ортиқ кўчат ўтқазиш режалаштирилган. "Бешкапа" маҳалласи ҳудудида 2 гектарга яқин  майдон тайёрланиб, 3000 тупдан ортиқ бодом, ёнғоқ, қрим қарағи, арча, япон софараси, каштан, терак каби мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими Анваржон Отаходжаев "Яшил макон" лойиҳасининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, барчани фаолликка чақирди.

Кўчат экиш акциясида секторлар раҳбарлари, маҳалла масъуллари, "Наманган йўл кўкалам", туман табиат ресурслари бўлими, ободонлаштириш бошқармаси, ташкилот ва корхоналар жамоалари иштирок этдилар.

Амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраш, экологик мусаффоликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Туманда кўчат экиш ишлари давом эттирилмоқда.