Наманган тажрибаси: вилоятда 8 март байрами арафасида 110 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга уй-жойлар топширилди  Шу муносабат билан  ўтказилгантадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков, сектор раҳбарлари иштирок этишди.

Вилоят ҳокими сўзининг аввалида барча хотин-қизларни яқинлашиб келаётган баҳорнинг илк байрами билан табриклади.

Инсон қадрини улуғлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.

Ҳукуматимиз томонидан ушбу тизим доирасида турмуши шароити оғир, ёрдамга муҳтож аёлларни уй билан таъминлашга қаратилган бир қатор Қарор ва Фармонлар қабул қилинди. Унга кўра, вилоятда 2022 йилда 1410 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг 859 нафари уй-жой билан таъминланди.

Қўшимча тариқасида 204 нафар хотин-қизларни ижара компенсациялари тўлаб берилди ва 621 нафар хотин-қизларни уй-жойи таъмирлаб берилди.

Тадбирда ана шу эзгуликларнинг давоми сифатида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизлардан 110 нафарига уй-жойлар топширилди.

Уй-жойли бўлганлар Президентимизга миннатдорчилик сўзларини айтишди.

Тадбирда вилоятимиз санъат усталари ижросида бадиий дастур намойиш этилди.