2021 йил 7 июль куни Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отаxоджаев бошчилигида секторлар раҳбарлари, ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида ҳудудлардаги ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш мақсадида "маҳаллабай" ўрганишлар олиб борилди.

Дастлаб 2-сектор ҳудудидаги Узун кўча маҳалласида бўлинди. Бу ерда маҳалла фаоллари, кўчабошилар ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилинди. Мазкур маҳалладаги 4 та кўчада 552 хонадон, 619 оилада 2968 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кун иссиқ бўлишига қарамасдан яёв юрилиб, аҳоли томонидан кўтарилган ичимлик суви, суюлтирилган газ таъминоти, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, янги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш ва бошқа масалаларга биргаликда ечим изланди.Тегишли ташкилот раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, имконият даражасида амалга ошириш вазифаси қўйилди. Ҳудудни ободонлаштириш, бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни тартибга келтириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, томорқадан даромад олиш бўйича кўрсатмалар берилди.Шунингдек, 25-мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.

Навбатдаги манзил Оқ терак маҳалласи бўлди. Бу ҳудудда ҳам бир қатор муаммолар кўзга ташланди. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Пешқўрғон ҳудудий бўлими йўлакларини асфальтлаш, ташқи ўриндиқларни янгилаш масалалари ечиб берилди. Умуман бу ерда ободонлаштириш ишларига эътибор қаратилди. Узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатаётган "Камалак" номли боғчага ёндош барпо этилаётган замонавий мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш жараёни билан танишилди. "Балиқкўл" маданият маркази ҳам эътибордан четда қолмади. "Маҳаллабай" ўрганишлар давом этмоқда.

Туман ҳокимлиги аxборот xизмати