Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳокимликлардаги соҳалар бўйича мутахассислар учун муҳим бўлган билим, кўникма ва малакаларни ривожлантириш мақсадида, қисқа муддатли малака ошириш ўқув курслари ўтказилмоқда.

Навбатдаги ўқув Наманган вилоятидаги шаҳар ва туманлар ҳокимликларидаги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича мутахассислар учун ташкил этилди.

"Ёшлар сиёсати, ижтимоий соҳа жуда кенг ва бугунги кунда долзарб бўлган йўналишлардан бири ҳисобланади. Соҳадаги мавжуд муаммоларни хал этишда бизга бундай қисқа малака ошириш ўқув курслари албатта фойдали бўлмоқда. Айниқса, семинарларни соҳа амалиётчилари ва профессор ўқитувчилар томонидан ўтказилиши биз учун айни муддао бўлди"-дейди Наманган шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Гафаров Мубошшер.

Дастурда тингловчиларнинг сиёсий ҳамда касбий билим кўникларини ривожлантиришга қаратилган мавзуларда психологлар, Адлия, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаларининг мутахассислари, ҳоким ўринбосарлари ҳамда Наманган давлат университетининг профессор ўқитувчилари томонидан машғулотлар олиб борилди.