Чортоқлик ижодкорларнинг миллий адабиётимиз ривожидаги салмоғи, бадиий сўз санъатидаги салоҳияти нафақат вилоятимизда, балки мамлакат миқёсида ҳам эътироф этилаётган жиҳатлардан. Дарҳақиқат, Чортоқ тумани кўплаб ижодкор-зиёлиларга бешик бўлган замин. Жумладан, Носир Аббос номи кўплаб юртдошларимизга таниш. У қутлуғ 60 ёшни қарши олди.

Шу муносабат билан туман ҳокимлиги томонидан маданият марказида юбилей тадбири ташкил этилди. Туман ҳокими Анваржон Отаходжаев журналист ва шоир Носир Аббосни қутлуғ ёши билан самимий табриклаб, эзгу тилакаларини билдирди. Юбиляр ҳамюртимизга туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаси топширилди.

“Чортоқ ҳақиқати” газетаси қошидаги “Бўстон” ёш қаламкашлар тўгарагига қатнаб, Маҳмуджон Маъмуров, Робиддин Исҳоқов, Оташ Холмирзаев, Боқий Мирзо, Маҳмуджон Парпиев, каби устозлари эътибори билан Носир Аббос кўплаб ижодий муваффақиятларга эришди.

“Халқ иродаси” газетасида муҳаррирлик қилган йиллари у “Ўзбекистон овози” республика газетасининг вилоятдаги мухбири сифатида ҳам фаолият юритди, бадиий ижод билан астойдил шуғулланди. “Қўш ирмоқ қўшиқлари” (2000 йил), “Муҳаббатдан арзим бор” (2001йил), “Сабр табассуми” (2013 йил) шеърий тўпламлари чоп этилган. “Шайх Умарнинг осмони” достони, ғазаллари, ҳикоя ва новеллалари, юзлаб мақолалари бор.

Носир Аббос Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосилигига қабул қилинган. У айни вақтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раиси, шунингдек, “Наманган ҳақиқати” газетасида бўлим мудири ҳамдир.

Устоз ижодкорнинг фарзанди Меҳриноз Аббасованинг шижоати, эришган ютуқлари юртимиз ёшларига ўрнак.

Сўзга чиққанлар Носир Аббоснинг ҳаёт йўли, фазилатлари, ижодий фаолияти ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Табриклар табрикларга уланди. Сермазмун тадбир куй-қўшиқ ва рақслар билан давом этди.