Жисмоний ва юридик шахслар учун қабул ҳар шанба куни халқ қабулхонасида ўтказилмоқда. Бугун Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отаходжаев томонидан мурожаатларни тинглаш асносида амалий кўмак берилди.

"Мустақиллик" маҳалласида яшовчи Ойдина Давлатова "Аёллар дафтари"да туради. Уч нафар фарзандини ёлғиз улғайтирмоқда. Уни касбга ўқитиш, субсидия асосида тикув машинаси олиб бериш ва ишга жойлаштириш масаласида ёрдам бериладиган бўлди.
"Ифтихор" маҳалласидан келган Манзура Ҳалилова суяк ракига чалинган қизини даволатишга ёрдам сўради. Шу ернинг ўзида масъулларга имкон даражасида дори-дармон билан таъминлаш вазифаси топширилди.
Туркистон, Боғистон, Кесканёр, Оромгоҳ ва бошқа маҳаллалардан уй-жой, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, оилавий масалаларга ечим излаб келган фуқароларга туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар масъуллари иштирокида қонуний ечим топиш чоралари кўрилди. Ҳар бир масаланинг қаноатлантирилиши назоратга олинди.





