Умумтаълим муассасаларида бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш ҳамда улардан оқилона ва самарали фойдаланиш маърифат даргоҳлари истиқболида имкониятлар кўламини кенгайтириб, янгидан-янги шарт-шароит ва қулайликларга кенг йўл очмоқда. Шунинг учун ҳам янги даврга хос шиддаткор одимларга ҳамоҳанг мактабларда бу борадаги ташаббуслар тобора кенг қамров касб этмоқда. Чортоқ туманидаги 40-сонли умумий ўрта таълим мактабида

мазкур йўналишда олиб борилаётган фаолият, амалга оширилаётган саъй-ҳаракат нафақат туманда, бутун вилоят ва республика миқёсида эътирофга сазовор, оммалаштиришга лойиқ.
2126 нафар ўқувчига 110 нафар педагог-ходим таълим-тарбия бераётган мактабда ўтган 2021 – 2022 ўқув йили мобайнида жами 1 миллиард 480 миллион сўм бюджетдан ташқари маблағ топишга эришилди.
Бу ҳар жиҳатдан кўркам ва тараққиёт асри талабларига хос ва мос қулайликларга эга бўлган маърифат даргоҳидаги имкониятлар кўламини янада оширишга замин яратди.
Мактабда 16 та янги иш ўрни яратилиб, шунча педагог-ходим иш билан таъминланди. Ўқитувчилар хонаси учун 70 та замонавий стуллар харид қилинган бўлса, 22 та синф хонасига замонавий смарт телевизорлар, 4 та кондиционер, 2 та электрон доска олиниб, 42 та синф хонаси кўркам ва замонавий ҳолда таъмирланди.
Имкониятлар кўлами ортиб бораётгани илм маскани жамоаси – ўқитувчилар ва ўқувчиларни янгидан-янги ташаббусларга ундамоқда.
Мактабда “Шукрона” номли қўғирчоқ театри ташкил этилган бўлиб, 45 нафар истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларни қамраб олган, ҳатто муаллимларнинг 17 нафари ҳам театрнинг фаол аъзолари саналади.
Ёш талантлар томонидан устозлар кўмагида шу кунгача “Шум бола”, “Бобурнома” асарлари асосида, шунингдек, “Афандининг беш хотини”, “Буратино”, “Қизил шапкача” эртаклари саҳналаштирилиб, томошабинларга тақдим этилди.
Мактаб жамоасининг изланиш ва интилишлари, ташаббуслар, таълим жараёнларини ташкил этишдаги имкониятлар кўламини оширишга, ўқувчи-ёшларни ҳар жиҳатдан етук, илму салоҳиятли, маънавий жиҳатдан комил улғайишларига хизмат қилмоқда.
Бунинг ифодаси қўшимча 5 та фан тўгараги ташкил қилиниб, уларга 180 нафар ўқувчи қамраб олингани, бошланғич синф ўқувчилари учун 16 йўналишда машғулотлар йўлга қўйилиб, 369 нафар ўғил-қиз уларда бўш вақтини самарали ўтказаётганида яққол намоён.
Таълимга эътибор – келажакка, тараққиётга эътибор. Истиқболга мустаҳкам замин эса эртамиз эгаларини мактабга тайёрлашдан қўйилади. Шуни ҳис қилиб фаолият олиб борилаётган илм масканида 6 та мактабга тайёрлов гуруҳи ташкил этилиб, 320 нафар кичкинтойлар мактабга тайёрланмоқда.
Эътиборлиси, мактабда тараққиёт асрига ҳамоҳанг “Stenford” ўқувчиларни халқаро сертификатларга тайёрлов гуруҳида 12 нафар ўқувчи дунёвий аҳамиятга эга бўлган замонавий билимларни эгаллашмоқда. Улар сафи тобора ортиб бормоқда.
Натижалар ҳам шунга монанд. Ўтган 2021 – 2022 ўқув йилида айнан шу “Stenford” груҳида тайёрланган ўқувчиларнинг 42 нафари EILTS халқаро сертификатларини қўлга киритган эди. Жорий йилнинг айни даврига қадар эса яна 20 нафар ўқувчи EILTSдан юқори балларни олишга эришди.
Қўшимча тўгараклар, ўқув курслари ва тайёрлов гуруҳлари ташкил қилиш, мактаб ошхонасини ижарага бериш кабикенг қамровли ташаббуслар натижасида топилган маблағ илму иқтидорли ўқувчиларни тақдирлаш, ўқитувчиларни рағбатлантиришда ҳам муҳим омил бўлмоқда. Айнан шу имконият натижасида мактабдаги ўқитувчиларга ойига ўртача 2,7 миллион сўмдан қўшимча иш ҳақи берилмоқда.
Фаоллик, ташаббускорлик маҳсули бўлган ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси эса келажак эгаларининг ёрқин камолига қаратилган. Биргина ўтган ўқув йилида мактабни жами 117 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 95 нафари олий таълим муассасалари талабасига айланди.





