Мамлакатимизда сўнгги йилларда кадрлар сиёсати соҳасидаги ислохотлар, шунингдек жамиятнинг барча йўналишларига замонавий технологиялар ва хориж тажрибасининг кириб келиши соҳа мутахассисларидан ўз устида мунтазам ишлашни, янги билим ва малакаларни ўзлаштириб замон билан ҳамнафас бўлиб боришни тақазо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиалида туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибий бўлинмаларидаги давлат фуқаролик хизматчиларининг самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган билим, кўникма ва малакаларни эгаллаши учун навбатдаги қисқа муддатли малака ошириш ўқув курси ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги ўқувда туман ҳокимликларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича мутахассислари иштирок этмоқдалар.

Ушбу малака ошириш курсининг ўқув дастури бевосита иштирокчиларнинг таклиф ва эҳтиёжлари асосида шакллантирилган ҳамда бевосита соҳа мутахассислари (амалиётчилар), олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари томонидан дарслар ўтилиши белгиланган.Ўқув режага асосан, сиёсий -ҳуқуқий билимлар ва касбий маҳоратни оширишга қаратилган мавзуларда иштирокчиларга зарур тушунча ва маълумотлар берилмоқда.

Машғулотлар амалий фаолият жараёнида юзага келаётган муаммо ва масалалар таҳлили, уларнинг ечими юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашиниш каби қизғин музокаралар билан ўтмоқда.