Gentra‘га алмашилмаган антиквар автомобиль: Намангандаги хусусий музейга саёҳат
Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Короскон шаҳарчасида хорижий сайёҳлар учун ҳам қизиқарли манзилга айланишга улгурган хусусий музей фаолият кўрсатмоқда. Музейга 2021 йил май ойида Жамолиддин Низамов томонидан асос солинган. Ҳозир бу ерда 700 дан ортиқ ноёб экспонат сақланмоқда.

«Музейимиз матбуот, миллийлик ва техника бўлимларидан иборат. Матбуот бўлимида 2 мингга яқин китоб ва газета-журналлар бор. Миллийлик бўлимида қадим ўтмишимизга оид осори-атиқалар, жумладан, 18-асрга мансуб Қўқон арава, кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмлари жойлашган. Техника бўлимидан эса ўндан ортиқ автомобиль ва мотоцикллар, радио ва телевизорлар, телефон аппаратлари ўрин олган. Бўлимларимиз мунтазам равишда янги экспонатлар билан бойиб боради. Чунки раҳбаримиз ўтмишга жуда қизиқадиган, тиниб-тинчимас инсон», — дейди музей ходими Ҳилола Қорабоева.
Ҳилоланинг айтишича, музей яратилишига антиквар автомобиллар жамланмаси туртки бўлган. Улар билан боғлиқ қизиқ тарих ҳам бор.
«Музейимиздаги 1961 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ-21 автомобилига Тошкентдан харидор чиқди. У ўзининг янги Gentra автомобилини шу машинага алмаштирмоқчи бўлди. Биз у кишига экспонатларимиз сотилмаслигини тушунтирдик», — дейди Ҳилола Қорабоева.
Намангандаги хусусий музейдан ўрин олган буюм-жиҳозлар, маҳсулотлар ноёб ва ранг-баранглигидан кўз қувнайди. Бу ерда 1939 йилда ишлаб чиқарилган телевизор ва шу йилга мансуб чойни кўриб, ҳайратимизни яширолмадик.
Музей нумизматика намуналарига ҳам бой: бу ерда хонлик даврлари тангаларидан тортиб яқин ўтмишдаги пул бирликларигача бор.
Эски парталарга ўтириб, сиёҳдон ва перога кўзингиз тушиб, ўзингизни худди ўтган асрдаги мактабларга бир зум қайтгандек ҳис қиласиз.
«Музейимиз доим ташриф буюрувчилар билан гавжум. Ўқувчилар ва талабалар кўпинча тарих дарсларини шу ерда ўтишади, қўшни вилоятлар, ҳатто хориждан келадиган меҳмонлар кўп», — дейди Ҳилола Қорабоева.

Биз музейдан репортаж тайёрлаётган пайт улардан бири — япониялик Мацуко ва унинг таржимонига кўзимиз тушди. Мацуко саннинг айтишича, у АҚШ, Япония ва Россиядаги музейларда кўп бўлган, бироқ бу қадар файзли ва бой хусусий музейга шу пайтгача дуч келмаган экан. Биз ҳам унинг фикрига қўшилдик.





