2022 йил 30 декабрь куни ҳокимлик мажлислар залида ўтказилган навбатдаги сессия ишида туман Кенгаши депутатлари, секторлар раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар бошлиқлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этдилар.

Сессия ишини туман ҳокими, Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Анваржон Отаходжаев олиб борди.

Сессия кун тартибидан дастлабки масала – секторлар раҳбарларининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги 4102-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" асосидаги фаолияти ўрин олди.

Шундан сўнг Чортоқ туманининг 2023 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала депутатлар иштирокида кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан туман молия бўлими бошлиғи Дилмурод Вахабовнинг тақдимоти эшитилди.

Навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қўвватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори ижросини туманда ўрганиш юзасидан Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши депутатлик гуруҳининг ахбороти ҳақида бўлди.

Сессия туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи  вазифасини бажарувчи Қобилжон Махмудовнинг соғлиқни сақлаш тизимида 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар тўғрисидаги ҳисоботи билан якунланди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан музокараларда билдирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг Халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.