Чортоқ тажрибаси ва йўлга қўйилаётган ташаббуслар эътирофга лойиқ. Хусусан, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларда замонавий имкониятлар яратишда бюджет томонидан ажратилаётган маблағлар билангина кифояланиб қолмасдан барча қўшимча имкониятлар ишга солинмоқда.

Якунига етаётган 2022 йил сарҳисобига назар ташланадиган бўлса, туманда бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш ва улардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада тумандаги 28 та умумтаълим мактабида ташкил этилган иссиқхоналардан олинган 2 млрд сўмдан зиёд маблағ маърифат даргоҳларини замонавий жиҳозлаш, уларга компьютер технологиялари ва мультимедиа воситалари олиш, ташаббускор ва фаол ўқитувчилар, иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларни рағбатлантиришга йўналтирилди.
Янги даврга хос қулайлик, шароит ва имкониятлар ҳақида гап кетганда, Давлатимиз томонидан янги таълим муассасалари бунёд этиш ва мавжудларини капитал реконструкция қилишга қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаш жоиз.
2022 йилда Чортоқ туманидаги 5 та мактабда реконструкция, мукаммал таъмирлаш қурилиш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадлар учун 21 миллиард сўм маблағ сарфланди.
“Ташаббусли бюджет“ таълим ва тараққиёт одимларида янада кенг имкониятларни тақдим этмоқда. 2022 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг иккинчи мавсумида Чортоқ туманидаги 3 та мактаб ҳамда туман “Баркамол авлод” болалар мактаби ғолиб бўлди. Уларда 2 миллиард 890 миллион сўмлик ишлар амалга оширилмоқда.
Туман ҳокимлиги келажак авлодга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ташаббуси билан чиқиб, 2 та мактабга қуёш панели, 10 та таълим муассасасига 3D принтерлар олиб бериш борасида амалий саъй-ҳаракатларга киришилди. Бу жараён муқобил энергия манбаларини амалга татбиқ этишдек давр талаби билан ҳамоҳанг.
Чортоқлик маорифчилар соҳага қаратилаётган эътибор ва яратиб берилаётган имкониятлардан руҳланиб, таълим ва тараққиёт йўлидаги одимларда бардавом.





