Бюджетдан ташқари маблағ топиш таълимда сифат ва самарадорлик ортишига, моддий-техника базани ривожлантириш баробарида ўзига хос ташаббусларда муҳим аҳамиятга эга. Чортоқ туманида бу борада самарали фаолият кўрсатаётган мактаблар талайгина.

Биргина мисол, тумандаги 28 та мактабда ташкил этилган иссиқхоналар яхшигина даромад келтирмоқда. Бошланғич синфлардан бошлаб пуллик тўгараклар, ўқув курслари фаолияти, бино ижараси ва бошқа хизматларни йўлга қўйилаётгани моддий имкониятларга кенг йўл очмоқда. Пуллик таълим тизимини амалиётда қўллаш борасидаги изчил фаолият устоз-муаллимларни рағбатлантиришда ҳам қўл келмоқда. Ўқувчиларнинг иқтидор ва қобилиятини юзага чиқариш баробарида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.
Бугун 6- ва 40-мактабларда ташкил этилган семинарлар айни шу мавзуга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Туман прокурори ташаббуси билан ташкилланган бу тадбир иштирокчилар учун ҳар икки мактабда бюджетдан ташқари маблағ шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича тўпланган тажрибани ўрганиш имконини берди.
Туман прокурори Абдулбосит Нурматов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Анваржон Маҳкамов, туман ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Ҳакимовалар семинардан кўзланган мақсад, кутилаётган натижалар ҳақида тўхталиб, мактаб директорларига ўз таклиф ва тавсияларини бердилар. Бу борада намунали иш ташкил этган мактаблар раҳбарияти эътироф этилиб, уларга туман прокуратурасининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Байрамона тарзда ўтган тадбирда ўқувчиларга совғалар билан янги йил қувончи улашилди.





