Ёш авлод камоли тараққиёт ва келажакни белгилайди. Шунинг учун ҳам эртанги кун эгалари истиқболига қаратилган ташаббуслар кенг қулоч ёзмоқда. Энергия ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, муқобил энергия манбаларини татбиқ этиш шиддат билан ривожланаётган тараққиёт асри талабларидан бири.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан мазкур йўналишда, яъни умумтаълим мактабларини қуёш панеллари билан таъминлаш, тизимга муқобил энергия ресурсларини кенг жорий қилиш бўйича истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, бугун Чортоқ туманида бўлиб ўтган семинарда ушбу эзгу ташаббус сари илк қадам қўйилди.
"Умумий ўрта таълим мактабларида бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш" мавзуидаги вилоят миқёсидаги семинарда иштирок этган туман ҳокими Анваржон Отаходжаев биринчилардан бўлиб, туман ҳокимлиги томонидан орттирилган бюджет маблағлари ва ҳомийлик ҳисобидан 250 миллион сўм эвазига Чортоқдаги 2 та умумтаълим муассасасига қуёш панели, 10 та таълим даргоҳига 3Dпринтерлар олиб берадиган бўлди.
Бу маърифат масканларида электр энергияси таъминоти узлуксизлигини таъминлаш, ўқув жараёнларини ташкил қилишда қулайлик яратиш баробарида қуёш панелидан олинган электр орқали инфрақизил иситиш қурилмалари билан қишки мавсумда синф хоналарини иситишда замонавий имкониятлар тақдим этади.
Эътиборли жиҳати, шу орқали мактаб эҳтиёжидан ташқари 42 миллион сўм маблағ тежалади.





