2022 йил 6 декабрь куни Чортоқ тумани маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларнинг илғорлари, маҳалла фаоллари, ёшлар ва нуронийлар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отаходжаев тантанали маросим иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма 30 йиллик байрами билан қизғин муборакбод этиб, жорий йилда туманда эришилган натижалар ва галдаги шарафли вазифалар ҳақида тўхталди. Дарҳақиқат, барчамизнинг ҳаётимизда туб бурилиш ясаган, ҳаётий фаровонлигимиз ва эркинлигимиз кафолати бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинган ушбу кун халқимиз учун муҳим саналардан ҳисобланади.

Туман адлия бўлими бошлиғи Дилшодбек Неъматов Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида маъруза қилди. "Ислоҳот - ислоҳот учун эмас, инсон учун" тамойили асосида Ўзбекистон Конституцияси ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида экани алоҳида қайд этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан таъсис этилган эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланган фаолларга эсдалик нишонлари топширилди.

Маросимнинг бадиий қисмида туман маданият бўлими ҳамда 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоасининг концерт дастури барчага хушнудлик улашди.