Ижтимоий тармоқларда тарқатилган “Чортоқ туманидаги “Ishonch Alfa Group-S” МЧЖ кимга тегишли?!” сарлавҳали материал юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги 3953-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати”нинг 23-бандида туман ва шаҳарлар бюджетлари захира фондларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган харидлар буюртмачилар томонидан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 апрелдаги “Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори 2-бандида асосий воситаларни харид қилиш ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йил якунига қадар тўхтатиш ёки 2023 йилга ўтказиш талаблари, маҳаллий бюджетларнинг захира жамғармалари маблағларига нисбатан татбиқ этилмаслиги қайд этилган.

“Ishonch Alfa Group-S” МЧЖга тўлаб берилган маблағлар Чортоқ тумани ҳокимининг жорий йилнинг 15 апрелига қадар қабул қилган қарор ва фармойишлари асосида, фақатгина туман ҳокимлигининг захира фонди жамғармаси маблағларидан амалга оширилган, ўтказиб берилган маблағлар бўйича товар тўлиқ етказиб берилган ва хизматлар кўрсатилган.