Айни вақтда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида хизмат сафарида бўлиб турган Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишловчи сенатор Маҳмуджон Парпиев туман ҳокимлиги, халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти, тегишли соҳа мутасаддилари иштирокида 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш борасидаги ишлар бўйича ўрганиш олиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги 408-сонли ҳамда халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 2022 йил 3 ноябрдаги қарорларига асосан Чортоқ туманида дастлабки ўрганишлар орқали 13 та лойиҳа бўйича таклиф берилган бўлса, бироз ўтиб, туман Кенгаши депутатлари ва жамоатчилик фаоллари туман раҳбариятига қўшимча таклифлар билан чиқишди. Таклифлар туман Кенгаши доимий комиссиялари муҳокамасига қўйилиб, барча ҳудудлардан яна 13 та лойиҳа маъқулланди ҳамда вилоят ҳокимлиги орқали жами 26 та таклиф танлаб олинди. Шу кунларда таклифлар асосидаги лойиҳалар тендерга қўйилган.
Ўрганиш гуруҳи томонидан мавжуд ҳолатлар билан жойига чиққан ҳолда танишилмоқда. Ички йўлларни таъмирлаш, кўчаларни ободонлаштириш, шағал босиб текислаш, айримларини асфальт ўрнига бетон қоришмаси билан мустаҳкамлаш ишлари олиб борилаётган “Чиғатой” ва “Хайрли” маҳалларида бўлган гуруҳ ташкилотчиларга тегишли тавсиялар бердилар.





