Мамлакатимиз миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари Чортоқ туманида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этиляпти. Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов Наманган вилоятига хизмат сафари давомида Чортоқ тумани марказида "Яшил жамоат парки" барпо этилиши режалаштирилаётган ҳудуд билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил жамоат паркларини барпо этиш ҳам назарда тутилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 сентябрдаги 529-сонли қарори билан бу борада амалга ошириладиган ишларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгиланган.

Чортоқ туманида 2 гектар майдонда “Яшил жамоат парки” ташкил этилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда жамоат паркига туташ майдонда саломатлик майдончаси учун ер ажратилиши режалаштирилмоқда.

Кейинги манзил Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи бўлди

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва кўрсатмалари асосида тубдан қайта қурилган мазкур мажмуа рамзий дарвоза, мақбара, масжид, музей, айвон, маъмурий бино ва кутубхонадан иборат. Зиёратчилар учун барча шароит ва қулайликлар яратилган.

Қадамжо зиёрат қилиниб, бу ерда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишилди.

Шунингдек, "Дилноза Дилдора Исломжон" фермер хўжалиги ҳамда "Обод диёр" маҳалласи ҳудудидаги дала майдонлари четларига автомобиль йўли бўйлаб тут кўчатлари экиш ишлари кўздан кечирилди.

Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов кўчат экиш тадбирларида чортоқликларнинг иштирокини эътироф этди. Келгусида бажариладиган ишлар юзасидан тавсиялар берди.