Чортоқ туманида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги адабиёт ва санъат байрами сифатида кенг нишонланди

Ўзининг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқпарварлиги билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир халқимизнинг машҳур фарзандларидан биридир. Унинг эзгу инсоний фазилатлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка юксак ишонч туйғуси билан йўғрилган етук бадиий асарлари халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги ўрни беқиёс.
Чортоқ тумани ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятимиздан етишиб чиқан ижодкор-зиёлилар Усмон Носирнинг қайноқ ижоди ва фожиали тақдири ҳақида тўхталиб, ўз фикрларини баён этдилар. Шоир юксак қобилияти, ноёб истеъдоди, бетакрор ижоди билан адабиёт оламига кириб келгани, у қисқа умри давомида Пушкин, Лермонтов сингари русийзабон шоирлар ижодидан қилган таржималари билан эътибор қозонгани, яратган шеърлари, достонлари ва таржималари билан ўзбек адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшгани, унинг шеърияти, аввало, ҳаётийлиги, айниқса, содда ва равонлиги билан китобхон қалбидан чуқур ўрин олгани ҳақида сўз юритилди.
Назм ва наво адабий-бадиий кечасида 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш ижрочилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан концерт дастури, саҳна кўриниши намойиш этилди.





