Наманган тумани Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари ва бир гуруҳ ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Чортоқ туманида бўлишди.

Дастлаб меҳмонлар “А.Навоий” маҳалласи ҳудудида кўп тармоқли "Микромарказ"да ишга туширилган лойиҳалар билан танишдилар.
Ушбу марказда 2023 йилда 4 та йўналиш яъни мебелчилик, чигит хом ашёсидан 4 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш, тикувчилик ва акфа эшик ромларини тайёрлаш лойиҳаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Кейинги манзил 4-сектор ҳудудидаги тадбиркор Шавкатжон Султанов томонидан ташкил этилган трикотаж маҳсулотлари ва шлакаблок ишлаб чиқариш цехлари бўлди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 600 миллион сўмни ташкил қилиб, ҳозирда 42 та янги иш ўрни яратилган.
Шундан сўнг “Боғ” маҳалласи ҳудудида давлатимиз раҳбарининг 20-сонли қарори асосида фуқароларга берилган ер майдонларида парваришланаётган тўқсобости экинлари ривожи кўздан кечирилди.
Мулоқотлар давомида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалжон Умурзақов Чортоқда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ҳар-бир ишбилармон қўллаб-қувватланишини ва янада янги иш ўринларини яратишда ҳудуд ҳоким ёрдамчилари орқали тадбиркорларга амалий кўмак бериб борилишини билдирди.





