Ҳуқуқий тарғибот – ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг муҳим омили. Шу жиҳатдан бугун судьялар томонидан жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида айни йўналишга алоҳида эътибор қаратиляпти.Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Давлатмирза Комилов, Муҳаммадиброҳим Тўланов, Шуҳратжон Қурбонов Чортоқ туманининг чегара ҳудудлари ҳисобланган “Ҳазратишоҳ”, “Тўриқ”, “Зангиобод” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашув-мулоқот ўтказдилар.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган жараёнларда фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида фикр-мулоҳаза юритилди. Шунингдек, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди. Бугунги кунда энг кўп учираётган иллатлар одам савдоси, диний экстремизм, фирибгарлик каби жиноятларга қарши курашиш, бу бўйича маҳалла идоралари ва суд органлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар билдирилди. Самимий мулоқотга айланган тадбирда аҳоли вакиллари ўзларини қизиқтирган турли масалалар бўйича судьяларга мурожаат қилдилар. Фуқароларнинг саволларига шу ернинг ўзида жавоб қайтарилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.





