Наманган вилояти суд идоралари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни етазиш мақсадида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Чортоқ туманидаги

“Тинчлик”, “Мустақиллик”, “Наврўз”, “Истиқлол”, “Нурафшон” маҳаллаларида ташкил этилган навбатдаги тадбирлар ҳам аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, оилавий низоларнинг олдини олишга бағишланди.

Учрашув-мулоқотда иштирок этган жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьялари Давлатмирза Комилов, Муҳаммадиброҳим Тўланов, Шуҳратжон Қурбонов ҳамда вилоят прокуратураси бўлим прокурори Раҳимжон Одилов мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида аҳоли вакилларига тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, оилавий низолар оқибатида келиб чиқаётган жиноятлар, ахлоқ-одоб қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар, аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар хусусида гапириб, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Мазкур жараёнда эса маҳалла фаоллари, кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлиги муҳим экани таъкидланди.

Очиқ мулоқотда аҳоли вакилларидан келиб тушган саволларга судьялар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Наманган вилоят судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими