Мактабдан ташқари ишлар, жумладан, турли тўгарак ва курсларни кенг йўлга қўйиш орқали ишлаб топилаётган қўшимча даромад таълим даргоҳлари молиявий имкониятларини кенгайтиради. Буни Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги 53- давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу ерда пуллик таълим тизимини амалиётда қўллаш борасида нафақат туман, балки бутун вилоятда намунали ва ибратга лойиқ фаолият олиб борилмоқда. Билим масканида аниқ ва табиий, ижтимоий фанлар йўналишида, шунингдек, мактабдан ташқари робототехника ва дастурлаш бўйича ўндан ортиқ ўқув курслари ташкил қилинган. Машғулотлар ўқувчи ва ўқитувчиларнинг асосий дарслардан бўш вақтига мўлжаллаб ташкил этилади.

Айтиш лозимки, айни борадаги изланиш ва ташаббуслар таълим сифатини ошириш баробарида моддий-техник базани ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, кейинги пайтларда шу йўл билан ишлаб топилган маблағ ҳисобидан муассасанинг 11 та синф хонасига замонавий телевизорлар, 15 дона компьютерлар тўплами, бир дона электрон доска ҳамда принтерлар харид қилинди. Бу билан чекланиб қолмасдан ўқитувчилар меҳнат шароитини янада яхшилаш, уларни моддий рағбатлантириш, кўнгилли ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Ёзги таътил чоғида 2021 – 2022 ўқув йили якуни бўйича энг фаол, ташаббускор ва фидойи устозлардан 40 нафарининг Самарқанд , Бухоро сингари тарихий шаҳарларга уюштирилган саёҳати бунинг тасдиғидир.