Қабристонларда қабр қазиш ҳамда маросим хизматлари бўйича қабр қазувчилар ва маросим хизматларини бажарувчи ходимлар таъминоти учун аҳоли томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тарифини белгилаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги 59-сон қарори билан тасдиқланган “Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидалари”нинг 42-банди, 2011 йил 4 апрелдаги 101- сон қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 8, 14-бандларига асосан, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 6, 25-моддаларига мувофиқ, ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Чортоқ туман Ободонлаштириш бошқармасининг 01.06.2022 йилдаги таклифи ҳамда Чортоқ туман ҳокимлиги Молия бўлимининг 01.06.2022 йилдаги хулосаси маълумот ва асос учун қабул қилинсин.

2. Чортоқ туманидаги қабристонларда қабр қазиш бўйича қабр қазувчилар таъминоти учун аҳоли томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тарифи миқдори қуйидагича этиб белгилансин: 9 ёшдан кичиклар учун 1 та қабр қазиш бир нафар шахс учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи; 9 ёшдан катта бўлганлар учун 1 та қабр қазиш бир нафар шахс учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи.

3. Чортоқ туманидаги қабристонларда маросим хизматлари (масалан, майитни кўтариб олиб келиш, қабрга қўйиш, дафн этиш ва бошқалар) бўйича маросим хизматларини бажарувчи ходимлар таъминоти учун аҳоли томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тарифи базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (ҳар бир маросим хизмати учун алоҳидадан) этиб белгилансин.

4. Барча ишлаб турган қабристонларда дафн этиш учун жой (участка) бепул ажратилади.

5. Чортоқ туман ободонлаштириш бошқармаси: e-qaror.gov.uz 20.09.2022 2 қабристонларда қабр қазиш бўйича қабр қазувчилар таъминоти ҳамда маросим хизматлари бўйича маросим хизматларини бажарувчи ходимлар таъминоти учун аҳоли томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тарифи миқдорига қатъий риоя этилишини; ушбу маблағлар тегишли равишда қабр қазувчилар ва маросим хизматларини бажарувчи ходимлар таъминоти учун ишлатилишини; мазкур пуллик хизматлар тарифи миқдорини аҳолига етказилишини ва тўғри тушунтирилишини таъминласин.

6. Мазкур қарор “Чортоқ ҳақиқати” газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига (Chortoq.uz) жойлаштирилсин.

7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

8. Чортоқ туман ҳокимлигининг Ахборот хизматлари мазкур қарорни оммавий ахборот воситаларида расман эълон қилиш ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш чораларини кўрсин.

9. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Чортоқ туман ҳокимининг 26.08.2014 йилдаги 743-сонли қарори ўз кучини йўқотсин.

10. Мазкур қарордан норози шахслар судга ёки юқори турувчи органга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. 11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари О.Соттибоев зиммасига юклатилсин.

Туман ҳокими А.Отаходжаев