Чортоқнинг бой ўтмишини ва истиқлолдан файзиёб шу кунги жамолини, азиз одамларини, ерини, сувини, қишлоқлар ва маҳаллаларни мукаммал таърифлаш, гўзал ва музайян намойиш эта билиш бизга – бугунги авлодга қарз ва фарздир. Шу мақсадда 1995 йили илк қадам қўйилиб, “Чортоқ тумани тарихи” китоби чоп этилганди.

Ўтган давр мобайнида туманнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳияти, ободлиги, маънавий қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Шунингдек, тарихнинг ноаён сирлари ҳам очилмоқда. Қолаверса, Чортоқнинг кучли туристик имкониятини ёрқин ва жозибали кўрсатиш, сайёҳлар ва хорижий инвесторлар диққатини жалб этиш энг долзарб вазифалардандир.
Ана шу омилларни ҳамда чортоқлик бир қатор зиёлиларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда, 2022 йил 13 сентябрь куни туманнинг тарих китобини янгидан тайёрлаш тўғрисида туман ҳокими Анваржон Отаходжаевнинг қарори чиқди.
Унга кўра, асар 30 босма табоқ ҳажмида, уч бўлимдан иборат бўлади ва 2000 нусхада чоп этилади. Аввалги (1995) “Чортоқ тарихи”нинг 7-80-бетларидан унумли фойдаланиб, топилган янги маълумотлар билан бойитилади. Солнома якунига тўрт тилда (арабча, тожикча, русча, инглизча) мухтасар изоҳ (REZUME) ва асарни яратишда иштирок этган барча ҳамкорлар рўйхати илова қилинади. Ижодий ишлар 2022 йилнинг 15 декабригача якунланиши ва январга (2023) қадар асарни нашриётга топширилиши қарорда белгилаб қўйилди.
Бу қарор маънавият жабҳасида туман учун алоҳида эътиборга молик ва муҳим ҳужжат бўлиб, хайрли йўлда қўйилган катта қадамдир.
Унда ижодий гуруҳ (муаллифлар ҳайъати) қуйидаги тартибда тасдиқланган:Умматов Рустамжон – ёзувчи, шоир, таржимон ва публицист;Умрзоқов Боқимирза – адиб ва шоир;Деҳқонов Носиржон – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари, шоир;Абдураҳмонов Саидолим – журналист;Юсупов Исроилжон – журналист;Ҳакимов Азизбек – шоир.





