2022 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ташаббуси билан ҳокимлик мажлислар залида ўтказилган тарғибот семинарида Чортоқ туманидаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган раҳбарлар ҳамда масъул ходимлар иштирок этдилар

2022 йил 8 август куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 10  боб, 64 моддадан иборат. Мазкур қонун Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.

Қонуннинг 62-моддасида унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини давлат фуқаролик хизматчиларига етказиш ҳамда аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш назарда тутилган.

Семинарда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали етакчи мутахассислари -  Икромжон Абдуллажонов ва Жаҳонгир Эргашевлар шу йил 4 август куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган “Давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорликни таъминлаш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани ҳақида тўхталдилар.

Тақдимот, очиқ мулоқот ва семинар шаклида ўтказилган тарғибот жараёнида давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, хизматчиларнинг касбий компетенциясини узлуксиз ошириб бориш, давлат фуқаролик хизматчиси фаолияти асослари, ижтимоий ҳимояси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш борасида тавсиялар берилди.

Чортоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати