2022 йил 17 июль куни Чортоқ туманидаги “Ором” тантаналар мажмуасида қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланган ғаллачилик фидойиларини эътироф этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Дарҳақиқат, вилоятда 2022 йил қишлоқ хўжалиги соҳаси учун баракали келди. Пиллакор ва ғаллакорларимиз зафар маррасига ёруғ юз билан етиб келдилар.

Вилоятда 2022 йил ҳосили учун 67 750 гектар майдонда бошоқли дон экилиб, давлат ресурси учун жами 179 939 тонна, шундан 166 520 тонна товар дон (жамғарма ҳисобига 130 059 тонна, вақтинча сақлашга 36 461 тонна), 13 419 тонна уруғлик дон жамғариш режаси белгиланган эди. 67 506 гектар майдонда ҳосил йиғиштирилиб, гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил олиниб, 467 минг 74 тонна бошоқли дон етиштирилди.
Вилоят хирмонига Мингбулоқдаги “Мингбулоқ серҳосил диёри”, “Бахтиёр Абдусаломович”, Косонсойдаги “Айланбулоқ ҳосили”, “Қоратоғ оқ олтин”, Наманган туманидаги “Навбаҳор намунаси”, “Тараққиёт”, Нориндаги “Қурама олтин водий”, “Сиддиқов Нодир”, Попдаги “Роҳатали Тошматов”, “Абдураҳмон ота”, Тўрақўрғондаги “Файзиобод кўркли диёри”, “Элназар Эшназар”, Уйчидаги “Уйчи миришкор орзулари”, “Пахтакор Қизилровот”, Учқўрғондаги "Тошпўлат ҳожи ота", "Гулхумор", Чортоқ туманидаги “Ойқиронлик пахтакор”, “Шуҳрат Бахром Козим”, Чустдаги “Юсубжон ҳожи Избосаров”, “Оқсув Олмос”, Янгиқўрғондаги “Ҳакимова Райҳона Тожимирзаевна”, “Чўлоқтол неъматлари” фермер хўжаликлари ҳамда кластер корхоналари салмоқли ҳисса қўшдилар.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков табрик сўзида юқорида қайд этилган пешқадам фермер хўжаликлари раҳбарлари меҳнатини алоҳида эътироф этди. Бир гуруҳ соҳа илғолари муносиб тақдирланди. Уларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Элимиз ардоғидаги таниқли санъаткорлар, наманганлик маданият ходимлари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.





