Шу кунларда Чортоқ туманида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Қурувчилар, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ишчи-ходимлари тиним билмай меҳнат қилишмоқда. Машина ва механизмлар уларга камарбаста. Чортоқ марказий бозоридан “Бешкапа” кичик саноат зонаси оралиғида автомобиль йўли тубдан янгиланаётган бўлса, унга ёндош объект сифатида “Саломатлик йўлакчаси“ барпо этилмоқда.

“Меҳр нури” хусусий корхонасининг 18 нафар ишчи-ходими томонидан умумий узунлиги 3460 метрни ташкил этадиган 3 млрд 181 млн сўмлик лойиҳанинг ҳозиргача 30 фоизи бажарилди. Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипедчилар учун алоҳида-алоҳида йўлаклар бўлади. Одамлар ҳордиқ чиқаришлари учун шинам ва қулай ўриндиқлар ўрнатилади. Замонавий энерготежамкор ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларнинг бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқсиз муҳит” ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.