Бош Қонунимизнинг 15-бобида биттагина модда мавжуд. Яъни 67-модда: «Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди». Агар ушбу моддадаги ҳар бир сўзга эътибор қаратсак, асосан оммавий ахборот воситаларига урғу берилган. 

Маълумки, бугун деярли барчамиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланамиз, интернетда фаолмиз. Расмий ОАВ ва етакчи сайтлар ҳам иш йўналишини ижтимоий тармоққа кўчириб ўтяпти. Телевидение ва радио, газета-журналлар «Facebook» каби оммалашган глобал тармоқларда ўз саҳифаларини очишган.

Ислоҳотдан мақсад замон билан ҳамнафасликни таъминлашдир. Демак, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасига ОАВ билан бир қаторда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жавобгарлигини назарда тутувчи, уларни медиамакондаги инсон шахсий дахлсизлиги ва хизмат хавфсизлиги учун мақсадли назорат ёки мониторинг қилиб борилишини билдирувчи янги банд киритиш зарур.

Орифжон ЖЎРАЕВ,«Янги Ўзбекистон» газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири, «Наманган садоси» газетаси муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.