Айни кунларда 61-халқаро гуллар фестивали муносабати билан хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоятимизда бўлиб туришибди. 2022 йил 21 май куни республика босма ва интернет нашрларида фаолият олиб бораётган соҳа ходимлари, марказий оммавий ахборот воситларининг Наманган ва Навоий вилоятлари ҳудудий мухбирлари иштирокида Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний ҳамда Биби Наима она зиёратгоҳларига пресс-тур уюштирилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва алоҳида кўрсатмалари билан тубдан қайта қурилган “Султон Увайс Қароний” мажмуаси рамзий дарвоза, мақбара, масжид, музей, айвон, маъмурий бино ва кутубхонадан иборат.

Султон Увайс Қаронийнинг волидаи муҳтарамаси Биби Наима она мақбараси жойлашган “Сутли булоқ” қадамжоси нафақат республикамизда, балки хорижда ҳам алоҳида ўринга эга обод ва кўркам зиёрат туризми объекти ҳисобланади.

Мажмуадаги  музейда сақланаётган ҳажм жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда турувчи Қуръони каримнинг қўлёзма нусхаси, Балиқкўлнинг сўлим табиати ва шифобахш булоқлари, бу ердаги маданий мерос объектлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Чортоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилган пресс тадбир якунида меҳмонларга туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” фонди томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.