Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Юртимизда бу зарарли иллат келиб чиқиш омиллари ўрганилиб, тизимли равишда профилактик суҳбат, семинарлар ёрдамида кураш олиб борилмоқда. Ҳокимлик ахборот хизматининг навбатдаги матбуот анжумани шу мавзуда бўлди.

Чортоқ туман адлия бўлими мутасаддилари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда мазкур йўналишдаги ишлар кўлами, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда жамият ривожига ғов бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида барча бирдек ҳаракат қилиши, бу борада давлат ва жамият ҳамкорлиги, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасини халққа етказиш масалаларида ўзаро фикр алмашилди. Коррупция билан боғлиқ иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.