Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маънавий-маърифий соҳага доир белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Айниқса, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар яхши самара бермоқда. Айни йўналишдаги маънавий-маърифий ва тарғибот тадбири Чортоқ туманининг олис тоғолди ҳудудида жойлашган “Ҳазратишоҳ” маданият марказида ташкил этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкилланган тадбирга Ҳазратишоҳ қишлоғида туғилиб ўсган илм-фан, спорт, санъат йўналишида алоҳида ютуқларга эришган олимлар, ижодкор-зиёлилар, ёшлар, умумтаълим мактабларининг битирувчилари ва уларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, туман ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Ҳакимова, Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг “Олий математика” кафедраси профессори, физика-математика фанлари доктори Юсуфхон Аппақов, “Автоматика ва энергетика” факультети декани Аъзамхўжа Мамахонов, 29-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Эргашбой Нурханов ва бошқалар ёшлар тарбиясида китобнинг ўрни катталигини уқтириб, кексаларнинг ушбу йўналишда ибратли томонларини ўрганишга, тинимсиз изланиш, ўқиб-ўрганишга чақирдилар. Қишлоқдан етишиб чиққан олимларнинг илм-фан ривожи ҳамда устоз-шогирд анъанаси асосида маҳалла ёшларининг камол топишига қўшаётган ҳиссалари, уларнинг ибратли умр йўллари, савобли ишлари ҳақида тўхталдилар. Мактаб битирувчиларини олий таълимга жалб қилиш, бунда ота-оналарнинг масъулияти муҳимлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирилдилар. Мактаб ҳамда олий таълим муассаларида аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчилар ва талабаларнинг ота-оналари ҳамда устозларига ташаккурномалар ва совғалар топширилди. Кўтаринки руҳда ўтган тадбир иштирокчиларга бир олам завқ ва таассурот улашиш баробарида мақсад сари интилишга чорлади.