Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида бўлгани каби Чортоқда ҳам 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги муносабати билан инсоният тинчлиги ва осуда ҳаёт учун жонини тиккан аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, ибратли ҳаёт тарзи билан Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни баркамол бўлиб улғайишига ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлашга бағишланган тадбирлар, тантаналар кенг кўлам касб этмоқда.

Байрамона безатилган Мотамсаро она хиёбонига Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отаходжаев, туман ҳокимининг ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, ташкилотлар, идора ва муассасалар вакиллари, туман фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар жам бўлдилар. Туман маданият бўлими, 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан янграган куй-қўшиқлар тадбир мазмунини янада бойитди. “Мотамсаро она” ёдгорлик мажмуаси пойига гул қўйилиб, Ватан учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига таъзим бажо қилинди.
Тадбирар байрам дастурхони атрофида давом этди. Ўтганлар хотирланиб, дуои фотиҳа қилинди.
Туман ҳокими Анваржон Отаходжаев барчани байрам билан самимий табриклаб, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қудратини юксалтириш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувликни асраш, ёшларимизни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги самарали фаолияти учун “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган захирадаги подполковниклар – Мирзараҳмон Бекмирзаев, Хайрулло Зокиров, захирадаги майор Ҳасанбой Нишоновларга ушбу мукофотларни тантанали топширди.
Байрам тадбилари давом этмоқда.





