Инсон азиз,  хотираси муқаддас.  “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да бу  қадрият янада ўзгача мазмун касб этмоқда. Зеро, ўтганларни  хотирлаб, пок руҳини шод этиш, кекса ёшдаги кишиларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш инсонпарварлик намунасидир.  

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Чортоқ тумани ҳокимлиги раҳбарияти, Халқ депутатлари туман Кенгаши, сиёсий партиялар раҳбарлари, депутатлар ҳамкорлигида фронт орти меҳнат фахрийлари хонадонларига уюштирилган йўқлов тадбирларида ҳам ана шу мақсад мужассам бўлди. Йўқловлар давомида 20 нафар фронт орти фахрийларидан ҳол-аҳвол сўралиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва байрам совғалари тақдим этилди.

Жумладан, А.Навоий маҳалласи, Фаровонлик кўчаси, 102-уйда яшовчи, 92 ёшли  Шамшихон ая Раҳимбаева, Дамариқ МФЙ Олвализор кўчаси, 129-уйда умургузаронлик қилаётган, умрини ёшлар тарбиясига бағишлаган, халқ таълими соҳасида узоқ йиллар ишлаган Осиёхон ая Ҳошимова, Соҳибкор маҳалласи Зукколар кўчаси, 8-уйда яшовчи, 96 ёшли Махмуджон ота Абдуллаевлар хонадонларига борилди. Кўнгиллари тоғдек кўтарилган нуроний фахрийлар қўлларини дуога очиб, юртимизда тинчлик барқарор, мамлакатимиз обод ва халқимиз фаровон ҳаёт кечиришини яратгандан сўраб дуо қилдилар.