Шу йилнинг 22 май - 5 июн кунлари Наманган шаҳрида 61-Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади. Бугун ушбу тадбирга тайёргарлик ишлари авж палласида.
Мазкур фестивални кўтаринки шукуҳда ўтказиш, уни маҳаллий ва марказий ОАВларида юқори савияда ёритиш, байрам олди тайёргарлик ишларини кенг миқёсда тарғиб этиш бўйича мутасадди раҳбарлар ва ОАВ ходимлари, блогерлар, ахборот хизматлари раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманини вилоят ҳокими матбуот котиби Фарҳод Мамадалиев олиб борди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов иштирок этиб, фестивалга тайёргарлик ишлари, байрам доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар дастури ҳақида журналист ва блогерларга батафсил маълумотлар берилди.
Гуллар фестивалига бу йил йигирмадан ошиқ давлатлардан мингдан зиёд хорижлик меҳмонлар келиши кутилаётгани таъкидланди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган ушбу гуллар байрамига халқаро мақом берилиши ва фестивал даражасига кўтарилиши муҳтарам Президентимизнинг бевосита эътиборлари самараси экани эътироф этилди.
Фестивалнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида очиқ осмон остида ўтказилган матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан биргаликда таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, жуда кенг миқёсда тайёргарлик кўрилаётган тадбирни муносиб ёритишга келишиб олдилар.





