Яқинда Москва шаҳрида карате бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида чортоқлик ёш спортчилар - Сарварбек Муродуллаев ҳамда Акбарали Махмуджонов кубок ғолиблигини қўлга киритиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Шу билан Сарварбек жаҳонда тўртинчи бор тенгсиз деб топилмоқда. Бунга қадар у 2013, 2015 ва 2017 йилларда ҳам жаҳон чемпионлигини қўлга киритган эди.

БЎСМ тарбияланувчиси Акбарали Махмуджонов эса мусобақанинг финал босқичида "кумите" йўналиши бўйича 25 кг вазн тоифасида россиялик рақибидан устун келиб, жаҳон кубоги бош совринини қўлга киритди.

Бугун чемпион ҳамюртларимиз туман ҳокимлиги, тегишли мутасаддилар, мураббий ва ёш спортчилар томонидан тантанали кутиб олинди. Спортчиларнинг эришган муваффақиятлари билан муборакбод этилиб, самимий тилаклар билдирилди, қимматбаҳо совғалар топширилди.