Чортоқ туманининг 8 та олис ва чекка ҳудудида контейнер усулида тиббий пунктлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Тўриқ, Деҳқонобод, Бодомзор, Зангобод, Кесканёр, Соҳибкор, Гулдиров маҳаллаларида ана шундай ихчам ва беморларга энг зарур тиббий хизматлар кўрсатилиши учун барча шароитлар яратилган контейнерлар ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.

Уларнинг очилиш маросимида туман ҳокими Анваржон Отаходжаев, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Шерали Қутлимуродов, секторлар раҳбарлари, нуронийлар, тегишли ташкилотлар ва аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Маҳалла аҳолиси авваллари тиббий хизмат учун узоқ масофага юриб бошқа ҳудудларга боришига тўғри келар эди. Тиббий хизмат кўрсатувчи контейнер аҳолига қулайлик яратиши баробарида узоғини яқин қилади.

Кўрсатилаётган бу эътибор ва ғамхўрлик "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" тамойили асосида аҳоли саломатлигини сақлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг амалий ифодасидир.