“Чортоқ туманида 2022 йилнинг 1-чораги давомида ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллабай ишлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилган ишлар" юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Чортоқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалжон Умурзақов ҳамда туман маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Анваржон Ортиқов мавзу бўйича маълумот берди.

Таъкидланганидек, Чортоқ туманида 57 та маҳалла мавжуд бўлиб, 35,2 минг хонадондаги 51,1 минг оилада 206,2 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ўрганилган сўровномалар 100 фоиз “ONLINE-MAHALLA” платформасига киритилди.

Хонадонлар иқтисодий-ижтимоий аҳволи бўйича 4 тоифага ажратиб олинди. Жумладан, 1-тоифа: кам даромадли хонадонлар. Булар – даромади кам, ишсиз аъзолари бўлган, ўз ишини бошлашга қизиқиши катта, шунингдек, даромад топишга, касб ўрганишга ҳаракат қилаётган хонадонлар.

2-тоифа: ўрта хонадонлар. Булар – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор хонадонлар.

3-тоифа: эҳтиёжманд хонадонлар. Булар – ногиронлиги бор ва касал аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар.

4-тоифа: намунали хонадонлар. Булар – иқтисодий аҳволи яхши хонадонлар.

Секторлар раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракати манзилли ва натижали иш ташкил этишга қаратилган. Кредит ҳамда субсидия ажратиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ва бошқа муаммоли масалаларнинг 1158 таси ҳал этилиб, 2356 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Доимий ишга жойлаштирилганлар 767 нафарни ташкил этади. Шунингдек, норасмий иш билан шуғулланаётган 2481 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилди. Иш билан банд бўлмаган 205 нафар фуқаро касбга ўқитиш чоралари кўрилмоқда.

Чортоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжумани давомида иштирокчиларнинг саволларига жавоблар берилди.