Кексалар эъзозланиб, марҳум қаҳрамонлар ёдга олинаётгани юртимизда инсон қадри улуғланаётганининг амалий ифодасидир. Наманган вилоятидан етишиб чиққан 5 нафар Ўзбекистон Қаҳрамонларининг 1 нафари, 58 нафар Меҳнат Қаҳрамонларининг 3 нафари Чортоқ туманида яшаб ўтишган.

Чортоқликлар бугун уларни фахр билан эслашади. Уларга издош бўлган меҳнат фахрийларини эъзозлашади. “Чархпалак” тантаналар мажмуасида ташкил этилган бугунги тадбир ҳам айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамият бўлди. Ифторлик дастурхонига меҳнат фахрийлари, фаоллар, марҳум қаҳрамонларнинг оила аъзолари ва ёшлар вакиллари таклиф этилди. Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонларидан кексаларга, мўътабар фахрийларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Тадбирда барча соҳаларда узоқ йиллар давомида фидоийлик билан хизмат қилиб айни пайтда нафақага чиққан фахрийларга чуқур ҳурмат эҳтиром кўрсатилди. Турли даврларда қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлган ибратли умр соҳиблари Абдували Абдураҳимов, Раҳматилла Ортиқов, Тожиддин Иномов, Ҳошимхон Эшонов хотирасига бағишланган ҳамда меҳнат фахрийлари – Ботирали Ҳакимов, Муҳаббат Болтабаева, Абдуллахон Ўринбаев, Умурзоқ Сатторовлар ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.
Куй-қўшиқлар ва рақсларда авлодлар дийдори, оилалар соғинчи, диллардаги ғурур ва ифтихор шукуҳи, кўзлардаги қувонч кўз ёшлари қалблардаги эртанги кунга бўлган ишонч, энг асосийси, эзгуликни Ватан унутмаслигига иқрорликни яна бир бор кучайтирди.





