Наманган вилоятида ана шу шиор остида кексаларни эъзозлаш, марҳум қаҳрамонларни ёдлаш тадбири бўлиб ўтди.
“Шодиёна” тантаналар мажмуасида ташкилланган тадбирга меҳнат фахрийлари, фаоллар, марҳум қаҳрамонларнинг оила аъзолари ва ёшлар вакиллари жам бўлдилар.

- Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек “Инсон қадри - улуғ. У эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айни бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак, деган ибораларини ҳар кунимиз дастури амали бўлиши керак!" Бугун кўплаб қаҳрамон юртдошларимиз орамизда йўқ, лекин уларнинг бой тажриба мактаби авлодлари ва шогирдлари фаолиятида давом этаётгани қувонарли ҳол. Уларнинг мардонавор ҳаёт йўллари ёшларимиз учун чинакам ватанпарварлик ҳиссини сингдирувчи мактабдир, - дейди тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков.
Дарҳақиқат, Наманган вилоятидан 5 нафар ҳар хил соҳа фидойиларига Ўзбекистон Қаҳрамони унвонлари берилган. Бундан ташқари 8 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, 58 нафар Меҳнат Қаҳрамонлари яшаб ўтишган.
Тадбир давомида катта экранда, вилоятимизда барчага ўрнак бўлган Ўзбекистон қаҳрамонлари, турли даврларда қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлган ватандошларимиз хотирасига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонларидан кексаларга, мўътабар фахрийларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Тадбирда барча соҳаларда узоқ йиллар давомида фидоийлик билан хизмат қилиб айни пайтда нафақага чиққан фахрийларга чуқур ҳурмат эҳтиром кўрсатилди. Сўнгра мониторларда ана шундай фидойи меҳнат фахрийлари Дилшода Дадажонова, чортоқлик Ботирали Хакимовлар ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.
Куй-қўшиқлар ва рақсларда авлодлар дийдори, оилалар соғинчи, диллардаги ғурур ва ифтихор шукуҳи, кўзлардаги қувонч кўз ёшлари қалблардаги эртанги кунга бўлган ишонч, энг асосийси, эзгуликни Ватан унутмаслигига иқрорликни яна бир бор кучайтирди.





